Ishonch telefoni
Bosh sahifa » Axborot xizmati / Sohaga oid xabarlar » Ботулизм нима?, унинг профилактикаси ҳақида биласизми?

Ботулизм нима?, унинг профилактикаси ҳақида биласизми?

7-02-2024, 16:34
110
Ботулизм нима?, унинг профилактикаси ҳақида биласизми?
Ботулизм касаллиги қўзғатувчиси биринчи марта 1817 йилда колбаса истеъмол қилиб, заҳарланган бемор организмидан топилган. Ўша йили унинг эпидемиологияси ва клиникаси матбуотда ёритилган ва унга “ботулизм” номи берилган.
Ботулизм [лот. botulus – колбаса]    – одам ва ҳайвонлар (айрим сут эмизувчиларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик; овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар гуруҳига киради. Ботулизм (Clostridium botulinum) бактериялари билан ифлосланган овқатлар истеъмол қилинганда юзага келади. Ботулизм қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган бўлиб, чидамли (спорали) ва чидамсиз (вегетатив) хиллари учрайди. Касаллик қўзғатувчи микроб ташқи муҳитда, спора ҳолатида тупроқда, сувда, ҳаттоки ҳавода ҳам учраши аниқланган. Спорлари ташқи муҳитда йиллаб сақланиши мумкин. Ботулизм таёқчаси анаэроб, яъни кислородсиз шароитда ўсадиган микроблар оиласига мансуб. Бу микроблар спора (қобиқ) ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлгани сабабли ташқи муҳит таъсирларига жуда чидамли бўлиб, қайнатганда ҳам ўлмайди, 120 даража ҳароратда 30 дақиқада, спораси 20 фоизли зарарсизлантирувчи формалин таъсирида 24 соатда жонсизланиши мумкин. Бу микроб токсини меъда ва ичак шираси таъсирида ўз кучини йўқотмайди, у қонга сўрилиб, инсон организмини захарлайди. 
Споралар тупрокдан сув, мева, сабзавот, озиқ-овқат, ем-хашакка ўтади, кейин одам ва ҳайвонлар ичагига тушиб, сўнгра нажас билан ер юзига тарқалади. Ботулизм микроби фақат анаэроб (ҳавосиз) шароитда ривожланади. Шу сабабдан консерва қилинган, тузланган, дудланган маҳсулотлар ва колбасага тушиб қолган споралар анаэроб шароитда ўсиб, вегетатив шакл (бактериялар)га айланади. Улар ана шу шароитда кучли заҳар (экзотоксин) ҳосил қилади. Бу маҳсулотни истеъмол қилган одам касал бўлади. Ботулизм токсини ичакда тез сўрилади, қонга ўтади ва бутун организмга тарқалиб, асосан, нерв тизимини зарарлайди. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморнинг боши оғрийди, тинкаси қурийди, кўзи тинади, лоҳасланади, кўнгли айниб қусади, уйқуси қолади, корни оғрийди, оғзи қурийди, ташна бўлади; кўпинча, қабзият кузатилади. Кейинчалик боши айланади, кўз хиралашади, ковоклар салқийди, бемор равон гапира олмайди ютиш, нафас олиш фаолияти бузилади; юрак ва нафас марказлари фалаланиши туфайли ўлим содир бўлиши мумкин. Бемор фақат касалхонада даволанади. Замонавий даво усуллари: ботулизмга қарши зардоб, сунъий нафас олдириш аппаратларини ўз вақтида қўллаш яхши наф беради. 
Уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда ҳамма ҳам зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя қилмайди. Шунингдек, уларни белгиланган ҳароратда сақлашга ҳам кўпинча эътибор берилмайди.
Ботулизм касаллиги профилактикаси, касалликка чалинмаслик ва унинг олдини олиш: 
  • Уй шароитида помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини тайёрламаслик;
  • белгиланмаган жойлар, кўча-кўйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилмаслик;
  • дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилиш жараёнида маҳсулот ёрлиғи ва унда келтириб ўтилган ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш;
  • ҳар қандай консерва  маҳсулотларини очишдан олдин уни чайқамасдан яхшилаб кўздан кечириш, қопқоғи кўтарилмаганлигига, суюқлигининг тиниқлигига ва маҳсулотнинг эзилмаганлигига эътиборли бўлиш зарур.
Ҳар қандай касалликлар каби, ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Ботулизм касаллигига чалинмаслик ва унинг олдини олиш учун қоидаларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз.

Ҳазорасп туман СЭО ва ЖС бўлими санитария врачи Азиз Бобоев
Ctrl
Enter
Xatoligni aqniqladingizmi?
Matnni belgilang va Ctrl+Enter tugmalarini bosing.
Hamda bularni ko'ring